Сурхондарё вилоятининг Узун туманида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёшлар бошқарувидаги Damas ва Nexia автомашиналари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши вафот этди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, 28 май куни соат 23:50 ларда Узун туманининг «Чақар» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи D-169 автомобиль йўлининг 132-километрида 17 ёшли ўсмир ёндаги тўрт нафар синфдоши билан Damas автомашинасини бошқарган.
Дастлабки маълумотларга кўра, у ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда Nexia автомашинасини бошқараётган 20 ёшли таниши билан тезликда ўзаро беллашган.
Натижада транспорт воситалари иштирокида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида Damas ҳайдовчиси ҳамда Nexia автомашинасидаги йўловчилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна бир неча киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ