Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги учун барча шароитлар яратилган ҳарбий қисмда бўлди. Ўқув бинолари, ошхона, ётоқхона, маънавият ва маърифат хоналари, спорт шаҳарчаси энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган.
Давлат раҳбари ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича замонавий мажмуалар билан танишди.
Шавкат Мирзиёев миллий армияни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можароларнинг хусусиятлари, хавфсизликка мавжуд таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга Қуролли Кучлар салоҳиятини юксалтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган вазифаларни изчил давом эттириш бўйича топшириқлар берилди.
Изоҳ