25 февраль ҳолатига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ва Фарғона шаҳар болалар шифохонасида даволанаётган 22 нафар бола соғлиғи яхшилангани муносабати билан уйига жавоб берилди ва улар амбулатор назоратга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, қолган беморларнинг аҳволи нисбатан қониқарли деб баҳоланмоқда. Бугун кун охирига қадар яна бир нечта болани уйига жавоб бериш режалаштирилган.
«Мутахассислар томонидан мактабгача таълим муассасаларининг озиқ-овқат блокларида ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказилди. Олинган лаборатория намуналари таҳлил учун юборилди. Натижалар 10 кун ичида эълон қилинади», — дейилади хабарда.
Айни пайтда мутасадди идоралар заҳарланиш ҳолатини ўрганишни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, заҳарланиш аломатлари билан учта боғчанинг 62 нафар тарбияланувчиси тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган, уларга «овқатдан келиб чиққан ўткир диарея» ташхиси қўйилган. Болаларнинг заҳарланиши юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Изоҳ