ДХХ ва ИИО ходимлари ҳамкорлигида Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Туркиядан Қирғиз Республикаси орқали Ўзбекистонга олиб келинган қалбаки АҚШ доллари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди.
Наманган шаҳрида яшовчи 1984 йилда туғилган шахс ўзининг жиноий шериги бўлган – 1972 йилда Жиззах вилоятида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, муқаддам бир неча маротаба судланган фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, 100 АҚШ доллари купюрадаги, қалбаки 19900 АҚШ долларини харидорга 14000 АҚШ долларига сотган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан ЖКнинг 176-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тошкент шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса, Наманган вилоятининг Чуст туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс пойтахтлик фуқаронинг ишончига кириб, уни алдаб, гўёки қалбаки бўлган 100 АҚШ доллари купюрали 10 минг АҚШ доллари, 100 минг сўм купюрали 10 млн сўм ва 50 минг сўм купюрали 5 млн сўм пулларни ҳақиқий 5500 АҚШ долларига сотишини айтади.
ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан пойтахт ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда, у пул воситаси ҳисобланмайдиган купюраларни 5500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ