Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берганлиги юзасидан тарқалган хабарлар бўйича Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати изоҳ берди.
Унга кўра, Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига жорий йил 21 февраль куни соат 19:00 дан бошлаб Фарғона шаҳар ҳудудида жойлашган 2-сонли, 58-сонли ва 61-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари тана ҳароратини кўтарилиши, қоринда оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич ўтиши белгилари билан мурожаат билан келишган.
Аниқланишича беморларда қорин соҳасида оғриқ, ич кетиши, ҳароратни кўтарилиши, кўнгил айниши каби соғлиғида салбий ҳолатлар кузатилган. Шифохонада даволовчи врачлар томонидан беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, "Ўткир диарея касаллиги, алиментар этиологияли" ташхиси билан диярея бўлимига ётқизилган.
"Ҳозирда бўлимда 62 нафар беморлар стационар даволанаётган бўлиб, ҳолати яхши," - дейилади хабарда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари боғчаларнинг ошхоналарида ва овқат етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказиб, болалар истеъмол қилган таомлардан лаборатория намуналари олиб текширмоқда.
Изоҳ