Президент Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни сунъий йўлдошни коинотга учириш ва биринчи ўзбек космонавтини тайёрлаш ишларининг дастлабки босқичлари тақдимоти билан танишди.
Мутахассисларни тайёрлаш ва муҳандислар жамоасини шакллантириш, шунингдек, 2028 йилда 6У форматидаги "Мирзо Улуғбек" илмий сунъий йўлдошини учириш таклиф қилинди.
Президентга Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдоши тақдимоти намойиш этилди. Бу ҳақда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов маълум қилди.
"Биз икки хил макетни кўрсатдик. Асосий мақсад - сунъий йўлдошнинг тузилишини кўрсатиш: у нималардан иборат, унинг фойдали юкламаси (асосий қисми), қуёш панеллари, у қандай учади ва орбитада қандай кўринишга эга бўлади," - деди Муҳиддин Иброҳимов.
Унинг таъкидлашича, ҳозирда етти нафар ўзбекистонлик талаба Япониянинг Кюсю (Kyutech) университетида таҳсил олмоқда. Айнан ўша ерда ўзбек йигитлари биринчи илмий сунъий йўлдошни яратмоқда.
Шунингдек, у ўзбекистонлик космонавтни танлаш босқичлари ҳақида сўзлаб берди.
"Космонавтга қўйиладиган талаб жуда юқори. Бу соғлиқ ҳолати, физиологик кўрсаткичлар, таълим даражаси ва тилларни билишга тааллуқлидир. Умуммиллий танлов ўтказиш режалаштирилган. Бўлажак космонавт ҳам талаба, ҳам ишлаётган мутахассис бўлиши мумкин.
Масалан, венгриялик космонавт доктор, саудиялик космонавт эса ракета технологияси бўйича олим бўлган. Бир нарсани аниқ айтишим мумкин: бу инсон ким бўлишидан қатъи назар, бу жуда катта шараф бўлади. Янги Ўзбекистоннинг биринчи миллий космонавти унвонини олиш - бу, менимча, абадий қоладиган тарихий из," - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди директор ўринбосари.
Изоҳ