• 12 310 сўм
    -10.35
  • 14 666 сўм
    51.73
  • 160 сўм
    0.28
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 310 сўм
    -10.35
  • 14 666 сўм
    51.73
  • 160 сўм
    0.28
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 15:39

Эски уйларни янгилаш: нима учун Тошкентдаги ҳудудларни ягона тизим сифатида ривожлантириш зарур?

Борган сари Тошкентда эски, хавфли уйлар масаласи долзарб масалага айланиб бормоқда. Гап фақат эстетика ёки қулайлик ҳақида эмас балки хавфсизлик, зилзилабардошлик, муҳандислик тармоқлари (сув, канализация, электр) ва яшаш сифати борасида ҳам аҳоли орасида турли саволлар пайдо бўлмоқда. Эски турар-жой фондидаги уйлар қанча кўп вақт “вақтинча таъмир” билан сақлаб турилса, шунча кўп рисклар йиғилаверади: авария ҳолатлари, тармоқларда узилишлар, ҳудудда тирбандлик ва инфратузилманинг тез эскириши.

218
0
uznews.uz

Энг хавфлиси агар бу муаммога ҳозир ечим топилмаса, вазият йилдан-йилга қийинлашиб бораверади. Чунки аҳоли сони ортиб борар экан, шаҳар инфратузилмасининг кўп қисми эса аллақачон ўз лимитидан ўтиб бўлди. Шу сабаб масъуллар учун бу муаммоларни “кейинга қолдириш мумкин” деган вариант қолмаяпти. Аллақачон реновация бўйича тез, аниқ ва шаффоф қарорлар қабул қилиш вақти келган.

Реновация — “домларни бузиш” эмас, шаҳарни яна ҳам замонавийлаштириш

Кўпчилик реновацияни “эски уйни бузиб, янги уй қўйиш” деб тушунади. Аслида эса реновация бу маҳалланинг тўлиқ қайта тизимланиши: уй-жой билан бирга мактаб-боғча қуввати, поликлиника, йўл-транспорт, “парковка”, яшил ҳудуд, сув-канализация ва электр тармоқлари ҳам янги реалликка мослашиши керак.

Агар эски домлар ўрнида кўп қаватли уйлар “алоҳида-алоҳида” қурилаверса-ю, лекин ҳозирдагидек: мактаб ва боғчалар қуввати ошмаса, йўл ва жамоат транспорти реконструкция қилинмаса. Cув-канализация ва электр тармоқлари модернизация қилинмаса у ҳолда янги уйлар янги муаммоларни олиб келади. Натижада, ҳозир бошимиздан ўтказаётган муаммолар — тирбандлик, тармоқларда ортиқча юклама, ҳаво айланиши ёмонлашиши, яшил ҳудуд қисқариши ва умумий яшаш сифати пасайиши каби муаммолар кўпайса кўпаяди камаймайди.

“Постсовет” шаҳарлари тажрибаси: Москва, Олмаота ва Боку эски уйлар муаммосини қандай ҳал қиляпти?

Қурилганига 60-70 йилдан ошиб, эскираётган турар-жой муаммоси фақат Тошкентга хос эмас бу постсовет шаҳарларининг деярли барчасида бор. Фарқи шундаки, айрим мегаполислар бу муаммони “бўлак-бўлак қурилиш” билан эмас, аниқ дастур ва режа орқали, босқичма-босқич ҳал қилишни аллақачон бошлаб юборишган.

Масалан, Москвада 2017 йилдан буён турар-жой фондини янгилашга қаратилган “Реновация дастури” амалга оширилмоқда. Ушбу дастур эски, айниқса 4-5 қаватли уйларни босқичма-босқич алмаштириш ва аҳолини янги уйларга кўчириш механизмини ўз ичига олади.

Дастурнинг кучли томони масштаб ва тизимли бошқарув асосида шаҳар уй қуриш билан бирга комплекс шаклда янгиланмоқда ҳам. Москва бугунги кунгача 4 мингга яқин эскирган турар жойларни аллақачон бузиб, марказий ҳудудларда замонавий турар жойлар ва яшил маконлар иншо қилиб бўлди.

Олмаота ҳам муаммога “фақат уйларни замонавийлаштириш” деб эмас, шаҳар муҳитини комплекс янгилаш деб ёндашяпти. 2024 йил 29 ноябрда Олмаота шаҳар кенгаши “уй-жой реновацияси дастури — 2030" лойиҳасини қабул қилган. Дастур материалларида реновация “шаҳар муҳитини комплекс яхшилаш — инфратузилма, иш ўринлари, архитектура кўриниши” билан боғланиши қайд этилган ва бу бўйича муҳим ишлар олиб борилмоқда.

Бокуда эса шаҳарни янгилаш жараёнлари инфратузилма ва ҳудудий қайта қуриш (redevelopment) йўналишида кетмоқда. Бокунинг режаларида транспорт инфратузилмаси (метро ва темирйўл станциялари тармоғини ошириш) каби йирик ўзгаришлар ҳам кўзда тутилгани таъкидланади яъни янгиланиш шаҳар тизимини қайта созлашга мўлжалланган..

Умумий хулоса шундаки, Москва, Олмаота ва Боку шаҳарларида қилинаётган бу янгиланишлар яқин келажакда Тошкент учун ҳам муҳим сабоқ бўлиши мумкин. Чунки эски уйларни янгилаш фақат “янги дом қуриш” эмас  бу комплекс режа, шаффоф қоидалар, инфратузилмани бирга янгилаш ва “бўлак-бўлак қурилиш”дан воз кечишни талаб қилинадиган муҳим шаҳарсозлик қонуни.

Тошкентни “битта марказ” билан эмас, “марказлар тизими” билан ривожлантириш керак

Тошкентдаги муаммолардан яна бири шаҳар ҳаётининг катта қисми ҳали-ҳануз битта асосий марказга боғланиб қолгани. Иш жойлари, катта офислар, хизмат кўрсатувчи нуқталар, савдо, дам олиш деярли бир ҳудудда жамланган. Шунинг оқибати эрталаб ва кечқурун шаҳарнинг турли четларидан одамлар бир йўналишга оқиб келади, йўллар тиқилиб қолади, жамоат транспорти ҳам шу юкламада қийин ишлайди.

Шунинг учун Тошкент учун энг тўғри йўл — шаҳарни келажакда фақат кенгайтириш эмас, балки уни политсентрик қилиш, яъни бир нечта шаҳар марказлари тизимини барпо этиш.

Бу нима дегани?

Бу — ҳар бир йирик туманда инсонларнинг кундалик эҳтиёжлари учун “ўз маркази” бўлиши керак деган урбанистик ғоя.  Ушбу ғояга кўра ҳар бир марказ етарли миқдорда иш ўринлари, давлат ва хусусий хизматлар, савдо, маданий-спорт инфратузилма, парк ва жамоат маконлари, жамоат транспорти тугунлари билан таъминланган бўлади. Шунда одамлар ҳар бир майда иш учун марказга қатнаб юрмайди кўп нарса ўз ҳудудида ҳал бўлади.

Мутахассисдан Тошкент учун амалий таклифлар

Буюк Британиядаги Sunkari Ltd компаниясида лойиҳа менежери ва TTPZ Services Ltd компаниясида қурилиш бўйича менежер сифатида фаолият юритаётган Дониёрбек Мўминовнинг таъкидлашича, Тошкентда эски уйларни янгилаш ва янги қурилишларни ташкил қилишда энг катта хавф пала-партиш, режасиз ва пароканда қурилишларнинг кўпайиб кетишидир. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатда бир-икки объект эмас, бутун маҳалла жабр кўради.

Шунинг учун, агар умумий режасиз ҳолда исталган қурилиш компанияси маҳаллада ер сотиб олиб, алоҳида-алоҳида кўп қаватли уй қуриб кетаверса, бу амалда маҳаллага фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради. Чунки “бўлак-бўлак” қурилиш одатда ижтимоий инфратузилмани (мактаб, боғча, поликлиника) ва муҳандислик тармоқларини (сув, канализация, электр), йўл-транспорт тизимини, жамоат транспортига боғланиш ва автотураргоҳ масаласини комплекс ҳисобга олмайди. Натижада эса янги уйлар пайдо бўлса ҳам, тирбандлик ортади, тармоқлар “чўкиб” боради, яшил ҳудуд қисқаради, маҳалладаги умумий ҳаёт сифати пасаяди.

Дониёрбек Мўминов Тошкент учун энг тўғри йўл сифатида комплекс шаклда барча қурилишлар бир бутун бўлиб қуриш тамойилини таклиф қилади.

“Реновация ёки янги қурилиш “битта бинога” эмас, бутун маҳаллага мўлжалланиши керак. Дунё тажрибасига кўра барча замонавий шаҳарларда аллақачон шундай қилинмоқда. Бунинг учун эса барча қурилишлар битта концепцияда уйғунлаштирилган ҳолда барпо қилиниши муҳим. Бундай ёндашувда, биринчи навбатда, одам учун пиёдага қулай муҳит яратилади, уйидан чиқиб 5–10 дақиқада боғча, мактаб, тиббий пункт, парк ва бекатга етиб олиш имкони пайдо бўлади,” - деб айтган мутахассис.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.

Усмон Адҳамов, UzNews.uz учун махсус.

218
0

Изоҳ