Тошкент шаҳрида маст ҳолда автомобиль бошқариб, йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган ҳамда ИИО ходимларига қаршилик кўрсатган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, ҳодиса 2026 йил 30 март куни тунги вақтда Яшнобод туманида содир бўлган.
Маълум қилинишича, Malibu ва Leapmotor русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув юз берган. Воқеадан сўнг Leapmotor ҳайдовчиси 102 рақамига мурожаат қилиб, Malibu ҳайдовчиси авария содир этгани ва қўпол муомала қилганини билдирган.
Ҳодиса жойига етиб келган ЙПХ ходимлари Malibu ҳайдовчисини алкотестер орқали текширувдан ўтказмоқчи бўлган. Бироқ ҳайдовчи қонуний талабларга бўйсунмасдан, ходимларга фаол қаршилик кўрсатган ва улардан бирининг юзига икки марта мушт туширган.
Ҳодиса жойида бўлган ППХ ходимларидан бирининг сўзларига кўра, фуқаро ходимларни ҳақорат қилиб, уларга бўйсунмаган. Уни ички ишлар бўлимига олиб бориш тушунтирилган вақтда эса ҳайдовчи тўсатдан ходимга мушт туширган.
Шундан сўнг ходимлар ўзлари ва атрофдагилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус воситалар қўллаб, уни зарарсизлантирган.
Ҳозирда қонунбузар процессуал тартибда ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ҳамда 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
“Мазкур шахсдан жабрланган фуқаролар ИИБга ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишлари сўралади”, - дейилади хабарда.
Изоҳ