Ҳиндистонда ҳалокатли Нипаҳ вируси билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ўзбекистон фуқароларини эҳтиёт чораларини кўриш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди.
Қўмита хабарига кўра, Нипаҳ вируси зооноз касаллик бўлиб, ҳайвонлардан одамларга, хусусан, кўршапалаклардан юқади. Шунингдек, зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали ва одамдан-одамга юқиши мумкин. Нипаҳ вируси оғир касалликни келтириб чиқаради, бу мия яллиғланиши (энцефалит) ёки нафас олиш йўлларининг шикастланиши шаклида бўлиши мумкин.
Сўнгги йилларда Ҳиндистонда мунтазам равишда Нипаҳ вируси ўчоқлари қайд этилмоқда, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида одамлар орасида касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда.
"Ўзбекистонда Нипаҳ вируси қайд этилмаган. Эпидемиологик вазият барқарорлигича қолмоқда," - дейилади қўмита хабарида.
Ушбу касалликнинг Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимоли жуда паст бўлишига қарамай, Ҳиндистонга саёҳат қилишни режалаштираётган фуқароларга қуйидаги профилактика чораларига риоя қилиш тавсия этилади:
- шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш;
- қўлларни совун билан яхшилаб ювиш;
- антисептик воситалардан фойдаланиш;
- мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин ювиш;
- текширилмаган сувни истеъмол қилмаслик;
- кўршапалаклар чақиши ёки тирнаши натижасида зарарланган меваларни истеъмол қилмаслик.
Юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи, йўтал ёки касалликнинг бошқа белгилари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.
"Эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаш ва юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизнинг 54 та чегара масканида доимий назорат ўрнатилган," - дейилади қўмита хабарида.
Изоҳ