Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиши кутилаётгани сабаб, совуқ кунларда энергияга бўлган талаб ортади. Айрим ҳудудларда вақтинчалик техник чекловлар бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда аҳоли ва ижтимоий объектларни барқарор таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолади, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ёқилғи-энергетика тизимининг совуқ об-ҳаво шароитида барқарор ишлашини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Электр, иссиқлик ва газ тармоқларида қўшимча техник кўриклар ўтказилиб, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш қувватлари мавжуд шароитга мослаштирилди. Масъул хизматлар 24/7 режимида иш олиб бормоқда.
Истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланиш, иситиш ускуналаридан тежамкорлик билан фойдаланиш тавсия этилади.
Уй-жойларда иссиқликни сақлаш орқали ҳам энергия тежалади, ҳам хоналар илиқ бўлади.
Иситиш ускуналарини қаровсиз қолдирмаслик, улардан фойдаланиш вақтида хонани шамоллатиб туриш зарур. Дудбурон ва вентиляция тизимларининг ишлаш ҳолати мунтазам равишда текширилиб турилиши шарт.
"Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида ёпиқ хоналарда очиқ олов ёки носоз иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик, имкони борича ис газини аниқловчи ускуналардан фойдаланиш тавсия этилади.
Электр ва газ таъминоти билан боғлиқ савол, мурожаат ва таклифлар бўйича қуйидаги алоқа рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин: электр таъминоти бўйича — 1154, газ таъминоти бўйича — 1104 ва 104", — дейилади хабарда.
Изоҳ