Тошкентда оилавий зўравонлик содир этиб, турмуш ўртоғини ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишда айбдор деб топилган эркакка ҳукм ўқилди. Иш жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда UzNews.uz мухбири суд ҳукмига таяниб.
Иш ҳужжатларига кўра, 2025 йил 26 июль куни кечқурун пойтахтнинг Яшнобод туманида яшовчи судланувчи турмуш ўртоғига нисбатан жисмоний зўравонлик ишлатиб, уни кўп қаватли уйнинг ертўласига қамаб қўйган. Аёл у ерда бир сутка давомида сувсиз ва озиқ-овқатсиз, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган қоронғи ва зах шароитда бўлган. Аниқланишича, эркак хотинининг Самарқанд вилоятига қариндошларининг тўйига юбормасликни кўзлаб, зўрлик ишлатиб ертўлага олиб тушиб қамаб қўйган.
Бундан ташқари, у 2025 йил 31 августда турмуш ўртоғига нисбатан яна зўравонлик ишлатиб, уни калтаклаган. Натижада аёлга енгил тан жароҳати етказилиб, қисқа муддатли соғлиғи бузилганлиги суд-тиббий экспертиза хулосаси билан тасдиқланган.
Суд жараёнида судланувчи ўз айбини тўлиқ тан олди. Жабрланувчининг маълум қилишича, оилада тўрт нафар фарзанд тарбияланмоқда, турмуш ўртоғи томонидан зўравонлик 2016 йилдан бери мунтазам равишда содир этиб келинган. Унинг сўзларига кўра, у илгари ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган, бироқ маҳалла вакилларининг тавсиясига кўра, оилани сақлаб қолиш умидида аризаларни қайтариб олган.
Маҳалла раисининг судда маълум қилишича, ушбу оилада мунтазам равишда жанжаллар бўлиб турган ва уларнинг асосий сабаби айбланувчи ҳарбий соҳада ишлаб, хизматдаги муаммоларни оилавий ҳаётга кўчирган.
Суд тўпланган далилларни баҳолаб, содир этилган қилмишларнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилигини ҳисобга олиб, эркакни ЖКнинг 138-моддаси 2-қисми "а, б" бандлари ва 126-1-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топди. Суд маҳкумни жамиятдан ажратиб қўймасдан туриб, уни тузатиш мумкин эмас деган хулосага келди.
Муносиб хулқ-атвор тўғрисида тилхат тарзидаги эҳтиёт чораси қамоққа олишга ўзгартирилди. Судланувчига 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ