Куни кеча "Solovyov Live" кўрсатувининг навбатдаги сонида россиялик телебошловчи Владимир Соловёв Арманистон ва Марказий Осиёни Россиянинг "таъсир зоналари" деб атади, уларнинг "йўқолиши" унинг миллий хавфсизлигига таҳдид солади.
"Халқаро ҳуқуқлар, халқаро тартибларга тупурдим. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни бошлашимиз керак бўлган бўлса, нега айнан шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, таъсир доирамизнинг бошқа нуқталарида ҳам махсус ҳарбий операцияни бошлай олмаймиз? Балки миллий доктринамизни шакллантириб, таъсир доирамиз қандай эканини аниқ айтишимиз керакдир," - деди телебошловчи.
Унинг сўзлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида шиддатли реакцияга сабаб бўлди. Ушбу баёнотларга бир қатор ўзбекистонлик журналистлар, блогерлар ва сиёсатчилар, жумладан, "Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳам муносабат билдирди.
"Рус шовинистларининг чиқишлари, янги муаммо эмас. Халқаро ҳуқуқ асосларини бузишга даъват, Марказий Осиёда ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги провокацияни совуққонлик билан қабул қилиш керак," - деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Унинг сўзларига кўра, Россия оммавий ахборот воситаларидаги тинимсиз баёнотлар нафақат икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари руҳига зид, балки уларга ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, у Марказий Осиё хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик минтақаси, ўсиш учун янги имкониятлар очаётган жадал тараққиёт ва ҳамкорлик макони бўлиш билан бирга, ҳар қандай тажовузга жиддий жавоб беришга қодир, қондош давлатлар бир бўлган ҳудуд эканлигини қўшимча қилди.
"Соловёвнинг самарасиз чиқишлари унинг ожизлиги ва заифлиги даражасидан далолат беради, холос," - дея хулоса қилди Алишер Қодиров.
Изоҳ