Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида Нара шаҳри мери Ген Накагава билан учрашув ўтказди.
Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Самарқанд ва Норанинг тарихий ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Шаҳарлар ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилгани таъкидланди.
Томонлар Самарқанд асрлар давомида Буюк Ипак йўлининг маркази бўлиб қолгани, Нара эса Япониянинг қадимий пойтахти сифатида унинг шарқий дарвозаси бўлганини таъкидладилар. Бу шаҳарлар цивилизациялар ўртасида маданий кўприк вазифасини бажариб, халқаро савдо ва билим алмашинувини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаган.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон маданияти ва тарихига бағишланган археологик кўргазмага пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди. Кўргазма 2027 йил Нара миллий музейида бўлиб ўтади ва Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан йирик маданий воқеага айланади.
Учрашувда шаҳар мери Ген Накагава янги Нара боғларидан бирига Самарқанд шаҳри номини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди.
Учрашувда қардош шаҳарлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни фаол ривожлантириш зарурлиги ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ