Бош прокуратура томонидан ҳудудий Давлат хизматлари марказларидан бирининг ходимлари ва ҳайдовчилик гувоҳномасини қалбакилаштиришда гумонланаётган бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Аниқланишича, Давлат хизматлари маркази мутахассиси жиноий шериклари билан биргаликда жорий йил давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқароларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб келган. У жами 72 нафар фуқародан 616 млн сўм олган.
Маълум бўлишича, автомактаблар ёнида жиноий фаолият олиб борган гумонланувчилар фуқароларга сохта ҳужжатлар асосида имтиҳон топширмасдан пул эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириб беришган. Улар сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштиришнинг икки усулидан фойдаланган.
Биринчи ҳолатда улар 500 - 1000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот эвазига учинчи шахслар орқали эски намунадаги қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаларини қўлбола усулда тайёрлаб, фуқароларга берган. Сўнгра туман Давлат хизматлари маркази ходимига пора бериш орқали гўёки фуқаролар томонидан тақдим этилган ушбу сохта гувоҳномаларни қабул қилиб олиш ва уларга янгисини расмийлаштириш таъминланган.
Иккинчи ҳолатда эса 10 минг долларгача пул эвазига фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси борлиги тўғрисидаги ҳудудий ЙҲХБ маълумотномаларини қалбаки имзо ва ҚР-кодлар билан таъминлаб, фуқароларга бериб юборишган. Шундан сўнг, улар туман Давлат хизматлари маркази ходимига пора бериб, QR-кодли сохта маълумотномалар асосида фуқароларга янги ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб беришган.
"Ҳар иккала ҳолатда ҳам фуқаролар илгари ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаганликларини билган ҳолда Давлат хизматлари марказларига сохта ҳужжатлар билан мурожаат қилиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотиб қўйганликларини билдиришган. Натижада 72 нафар фуқаро ҳам жиноятга шерик бўлган," - дейилади хабарда.
Бош прокуратура томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар давомида 1200 дан ортиқ қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланган. Улардан энг кўпи Тошкент шаҳрида - 440 та ҳолат.
Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Фуқаролар томонидан қалбаки ҳужжатлар асосида олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор қилинган.
Изоҳ