Жорий йилнинг 22 октябрь куни Андижон шаҳридаги 36-сонли умумтаълим мактабида икки киши техник спиртли ичимлик истеъмол қилиши оқибатида вафот этди. Бу маълумотни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов UzNews.uz'га тасдиқлади.
Маълум бўлишича, мактаб хўжалик мудири, фуқаро муҳофазаси тўгараги раҳбари, қоровул ва ўқитувчилардан бири дарсдан сўнг кечки овқат пайтида техник спирт истеъмол қилган. Бунинг оқибатида 4 киши заҳарланиб, 2 нафари вафот этган.
Ижтимоий тармоқларда иштирокчилар орасида мактаб директори ҳам борлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимида таъкидланишича, мактаб директори вазифасини бажарувчи иш куни тугагандан сўнг уйига кетган ва зиёфатда иштирок этмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, ҳодиса сабаблари ва бошқа ҳолатлар аниқланмоқда.
Изоҳ