Жорий йилнинг 11 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг очик суд мажлисида ЖК 154-моддасининг 1-қисми, билан айбланган К.Р.га оид жиноят ишини кўриб чиқди.
ДХХ Наманган вилояти бошқармаси тезкор бўлими томонидан Ўзбекистоннинг давлат хавфсизлигини ва давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон фуқаролари орасидан моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор-бир шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланган шахсларни, жиноий фаолиятига чек қўйиш йўналишларида амалга оширилган комплекс тадбирлар давомида қуйидагилар аниқланган.
Унга кўра, Telegram мессенжеридаги Украина давлатига қарашли "Хочу жить" номли каналда "РФ-Украина" ўртасида қуролли тўқнашувларда иштирок этган 1100 нафар ўзбекистонлик шахслар рўйҳати эълон қилинган. Мазкур рўйҳатнинг 392-қайд рақамида 1970 йилда Наманган шаҳрида туғилган, Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи туғилган К.Р. эканлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, К.Р. 2023 йилнинг июнь ойиларида Қирғизистон орқали Россияга мавсумий ишлаш мақсадида борган. У РФда бироз муддат ишлаганидан сўнг, РФ федерал миграция хизмати идорасига патент олиш учун борганида, унга ФМХ ходимлари патент берилмаслигини, бироқ, "РФ-Украина" ўртасидаги урушда иштирок этиш учун шартнома имзоласа, унга РФ фуқаролиги берилишини ҳамда РФ ҳудудида ишлаши мумкинлигини айтишган.
Шундан сўнг, К.Р. 2023 йил июнь ойида РФ Мудофаа Вазирлиги билан "РФ-Украина" ўртасидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этиш мақсадида ўз ҳохишига кўра бир йиллик шартнома имзолаган ва у РФ Қуролли Кучлари сафида "машинист механик" бўлиб шартли "Дед" "позывной"и остида хизмат қилган. К.Р. РФ Қуролли Кучлари сафида Украинага қарши урушда қатнашаётганлиги учун 700 минг рубль миқдорида бир марталик мукофот пули ва ҳар ой ўртача 150-200 минг рубль (25-30 млн сўм) миқдорда ойлик маош олиб келган.
К.Р. Украина билан чегарадаги Белгород шаҳридаги РФ ҚКга қарашли ҳарбий қисмда уруш мақсадларида фойдаланиладиган ҳарбий транспорт воситаларини техник таъмирлаш ишлари билан шуғулланган.
2024 йилнинг май ойларида К.Р. соғлиғидаги жиддий ўзгаришлар туфайли хизматдан озод этилган ва 2024 йилнинг июнь ойи охирларида Ўзбекистонга қайтиб келган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи К.Р. ЖКнинг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан ЖКнинг 154-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ