Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда дунё бўйлаб Lamborghini автомобилида саёҳат қилаётган АҚШлик блогер Ўзбекистонда бўлгани ва у Ўзбекистондан чиқиб кетаётганда муаммога дуч келгани ҳақида видео тарқалди Блогернинг айтишича, у уч кундан бери Ўзбекистондан чиқиб кета олмаган, сабаби автомобили Ўзбекистонда бўлгани учун йиғим тўлаши керак бўлган.
Сайёҳ уни тўлашга тайёр бўлган, аммо божхона постида карта орқали тўлов учун терминал ишламаган. Унинг қўлида эса бундай миқдорда нақд пул бўлмаган, энг яқин банкомат эса 40 км узоқликда жойлашгани учун чегара ҳудудини тарк эта олмаган.
Ҳолат юзасидан божхона қўмитаси изоҳ берди. Унда ёзилишича, хорижий фуқаро ўзи бошқарувидаги Lamborghini’нинг Ўзбекистонда бўлиш муддатини салкам 2 ойга ўтказиб юборганлиги ва шу боисдан автотранспорт воситасини олиб чиқишга тақиқ қўйилган.
"Бир неча дақиқалар олдин у белгиланган тартибда 23 млн 72 минг сўм миқдоридаги йиғимни тўлади ва маъмурий жавобгарликдан озод этилди. Хорижий шахс ўзининг автотранспорт воситасида Ўзбекистондан кузатиб қўйилди", - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, хорижий шахс бевосита банк шохобчасига борган ҳолда валюта алмаштириш ва пул нақд қилиш каби банк амалиётларини дам олиш кунларида амалга ошира олмагани сабабли мазкур жараённи бугун якунига етказди.
Хорижий автотранспорт воситаларининг Ўзбекистонда бўлиш муддати 90 кунни ташкил қилади.
Мазкур ҳолатда эса хорижий автотранспорт воситаси Ўзбекистонга 2025 йил 2 май куни кириб келган ва уни қайтариб олиб чиқиб кетиш муддати 2 август қилиб белгиланган. Бу ҳақида хорижий фуқаронинг ўзи огоҳлантирилган.
Изоҳ