Ангрен шаҳрида вояга етмаган 14 яшар қизни 4 киши мунтазам равишда зўрлаб келгани, уларнинг бир нафари вояга етмаган шахс эканлиги айтилган хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Болалар омбудсмани назоратга олган. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Матбуот хизмати маълумот берди.
Аниқланишича, мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 9 май куни жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Тергов жараёни устидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.
"Болалар омбудсмани ўз ваколати доирасида вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноят юзасидан олиб борилаётган иш юритуви бўйича кузатувни олиб бормоқда. Шу билан бирга, жабрланувчи қизга тегишли процессуал ҳуқуқлар кафолатланганлигини таъминлаш масаласи ҳам доимий мониторингда," - дейилади хабарда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мазкур ҳолатни алоҳида назоратга олган. Агентликнинг ҳудудий "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари жабрланган болани ҳимоялаш ва реабилитация қилиш юзасидан ўз вақтида комплекс чораларни кўрмоқда.
Вояга етмаганларга барча зарурий ҳимоя чоралари, жумладан, психологик ёрдам, ижтимоий маслаҳат ва тиббий йўналтиришлар кўрсатилди. Марказ мутахассислари бола ва унинг оиласи билан тизимли равишда иш олиб бормоқда.
Вояга етмаган қиз ҳозирда бронхопневмания ва анемия ташхиси билан касалхонада даволанмоқда.
Изоҳ