Тошкент вилояти ЖИБ Янгийўл туман судида ўз аёлини ҳомиладор ҳолатида пичоқлаб ўлдириб, каналга ташлаб юборган 27 ёшли эркакка суд ҳукми ўқилди. UzNews.uz мухбири ҳодиса ҳақидаги суд қарорини ўрганди.
Суд ҳужжатларига кўра,судланувчи эркак Д.Н. аввалроқ, “Тошкент метрополитени” ДУКда электропоезд машинисти бўлиб ишлаган. 2024 йил 10 декабрь куни у ўзининг Nexia-3 машинасида аёлининг иш жойига борган ва уни хизмат хонасидан олиб чиқиб, машинага ўтказган. Улар одам қатнови кам бўлган Янгийўл тумани “Байтиш” МФЙ Жумабуха кўчасидан оқиб ўтувчи “Салар” каналидан ўтувчи кўприк устига келишган.
Шу ерда ўрталарида рашк туфайли келиб чиққан ўзаро жанжал натижасида, эркак автомашина салонида олдиндан тайёрлаб қўйилган ошхона пичоғи билан аёли Г.Н.нинг чап кўкрак қафасига бир маротаба зарба бериб қасддан ўлдирган ва уни ўлганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, мурдасини автомашинадан тушириб, шу ердан оқиб ўтувчи “Салар” каналига ташлаб юборган ва воқеа жойидан яширинган.
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, аёл 15-20 ҳафталик ҳомиладор бўлган.
Судланувчи Д.Н. судда айбига қисман иқрорлик билдириб, 2021 йилда аёли билан севишиб турмуш қургани ва ўрталарида бир нафар фарзанди борлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда турмуш ўртоғи савдо-сотиқ қилиш мақсадида Туркияга бориб келган. Шундан сўнг, аёлининг ҳаракатларида ўзгаришлар бошланган ва аёли билан тез-тез оилавий келишмовчиликлар келиб чиққан.
Эркак аёли ундан яширинча кўпчиликдан қарз олиб унга айтмагани, тилла буюмларни қарзга олиб, ундан яшириб келгани, кредитлар расмийлаштириб келганини билдирди.
Судланувчининг сўзларига кўра, ҳодиса содир бўлган куни ҳам машинада аёлидан "орадаги учинчи одам ким, ота-онанга пулларни бермаган бўлсанг, кимга бердинг, юрадиган одаминг борми", деб сўраганида, аёли "ҳа, юрадиган йигитим бор, қўлингдан нима келади?", дея жавоб қайтарганидан асабийлашиб, аёлини ўлдирган.
Судда марҳуманинг онаси куёви қизининг ҳомиладор эканини билиши, бир эмас икки кишини ҳаётига, яъни қизи ва уни фарзандини ўлдирганини баён қилиб, унга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўради.
Суд ҳукми билан эркак ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Изоҳ