Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди. Бу ҳақда президент Матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
"Сўнгги кунларда биз учун яқин қўшни ва қардош бўлган Қозоғистонда содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди.
Биз минг йиллар давомида қозоқ халқи билан яқин қўшни бўлиб, биргаликда ёнма-ён яшаб келганмиз. Бизни умумий тарих, урф-одат ва маданият боғлаб туради. Келажагимиз ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқдир”, - дейди Ш. Мирзиёев.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари шу кунларда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилиб, Ўзбекистон халқи номидан бутун Қозоғистон эли ва раҳбарига барқарорлик ҳамда фаровонликни таъминлаш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлаганини айтди.
“Фурсатдан фойдаланиб, ушбу воқеаларда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва барча яқинларига яна бир бор чуқур таъзия ва ҳамдардлик изҳор қиламан. Жабрланган инсонлар ҳам тез орада соғайиб кетишига тилакдошман.
Яратганга шукрки, қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб бормоқда, давлат тузилмалари ва ижтимоий муассасалар ўз фаолиятини қайта тикламоқда, одамлар осойишта ҳаётга қайтмоқда.
Ўз ўтмишида кўплаб мураккаб синовларни бошидан кечирган донишманд қозоқ халқи бу оғир кунларни ҳам тез орада мардона енгиб ўтишига ҳамда янада якдил ва ҳамжиҳат бўлишига ишонаман", - деди давлат раҳбари.