Аввалроқ, 2025 йилда Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Тошкентдаги Олимпия шаҳарчаси қурилиши белгиланган муддатда якунланмагани сабабли, Осиё Олимпия Кенгаши Баҳрайнга кўчирилгани ҳақида хабар қилгандик. Миллий Олимпия Олимпия шаҳарчасининг қуриб битказилиш нима сабабдан кечикканига изоҳ берди.
Қайд этилишича, пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ООКдан мусобақани яна бир йилга суришни сўраган.
Бироқ, Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025-йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдирди.
Шу туфайли, ООК III ёшлар Осиё ўйинлари мезбонлигини Баҳрайнга топширди ва Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миқёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилди.
"Ўзбекистон оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришга содиқ қолмоқда. Шу маънода, Олимпия шаҳарчасини барпо этиш, ундан унумли фойдаланиш ва унинг негизида спортимизни янги босқичга кўтариш бўйича Президентимиз томонидан берилган барча топшириқлар ижроси таъминланади ва келажакда бу мажмуа йирик спорт тадбирларини ўтказишга ҳар томонлама тайёр бўлади", - дейилади хабаржа.