Қарорга мувофиқ, шахмат бўйича халқаро нуфузли мусобақалар ғолиблари ва совриндорларини, шунингдек, уларнинг тренерларини рағбатлантириш миқдорлари оширилади.
Янги тартибга кўра, бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадасида катталар ўртасида ғолиб бўлган шахматчига 200 минг доллар, унинг тренерига эса 50 минг доллар берилади.
Кумуш медаль соҳиблари учун шахматчиларга 100 минг доллар, тренерларга 25 минг доллар, бронза медаль соҳибларига эса мос равишда 50 минг ва 12,5 минг доллар белгиланган.
Ёшлар ўртасидаги бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадаси ғолиблари учун мукофот 20 минг доллар, уларнинг тренерлари учун эса 5 минг долларни ташкил этади. Кумуш медаль учун 10 минг ва 2,5 минг доллар, бронза медаль учун 5 минг ва 1,25 минг доллар ажратилади.
Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) таснифига кўра, жаҳон миқёсидаги мусобақалар ғолиблари учун шахматчиларга 15 минг долларгача, тренерларга 7 минг долларгача мукофот белгиланган. Осиё миқёсидаги мусобақаларда эса бу миқдорлар шахматчилар учун 10 минг, тренерлар учун 5 минг долларгача етади.
Шунингдек, халқаро гроссмейстер спорт унвонини олган тақдирда 5 минг доллар миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.
Қарор билан тасдиқланган янги мукофотлар миқдорлари АҚШ долларида белгиланган.
Изоҳ