Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қонун кўриб чиқилди.
Қонунчиликда халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.
Бунинг натижасида фуқаролар сохта табибларнинг қурбонига айланмоқда, бундай хизматларнинг оқибатлари эса фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатилганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда.
"Реклама тўғрисида"ги Қонун халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилишни тақиқловчи норма билан тўлдирилмоқда.
Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.