Бугун, 16 сентябрь куни Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар
Август ойида умумий йиллик инфляция пасайиш тенденциясини давом эттириб, 6,2 фоизгача секинлашди. Базавий инфляция эса қарийб 5,5 фоиз даражасида шаклланди. Шу билан бирга, нархлари йилига 5 фоиздан юқори суръатларда ошаётган товар ва хизматлар улушининг кўпайиши иқтисодиётда барқарор хусусиятга эга нарх босими ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайишда давом этди. Бироқ улар умумий инфляцияга нисбатан секинроқ пасаймоқда. Бу нархларни шакллантириш жараёнларида инфляцион инерция таъсири маълум даражада сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Ички талаб ва иқтисодий фаоллик
Чакана савдо, хизматлар соҳаси ва инвестициялар динамикасидаги ижобий тенденциялар истеъмол ва инвестиция талабининг фаол эканидан далолат бермоқда. Шу билан бирга, сўнгги ойларда ялпи талабнинг айрим таркибий қисмларида барқарорлашув белгилари намоён бўла бошлади.
Хусусан, амалдаги пул-кредит шароитлари таъсирида иқтисодиётга кредит ажратиш суръатлари босқичма-босқич меъёрлашмоқда. Ижобий реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга мойиллигини қўллаб-қувватламоқда.
Ташқи инфляцион хавфлар
Жаҳон хомашё, озиқ-овқат ва энергия ресурслари бозорларидаги нархларнинг юқори даражада сақланиб қолиши ўрта муддатли истиқболда импорт, транспорт ва логистика харажатлари орқали ички инфляцияга босимнинг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Ташқи нарх шокларининг ички инфляцияга иккиламчи таъсири кўлами кўп жиҳатдан ички талаб динамикаси ва амалга оширилаётган таркибий чораларга боғлиқ бўлади.
Йил давомида сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланиши, асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг заифлашиши фонида, импорт нархлари орқали инфляцион босимнинг юмшашига хизмат қилмоқда.
Ички инфляцион хавфлар
Тартибга солинадиган нархларни либераллаштириш жараёнининг давом этиши ишлаб чиқариш харажатлари ва хизматлар нархлари орқали иккиламчи инфляцион таъсирларни кучайтириши мумкин.
Амалдаги қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш мазкур хавфларнинг барқарор инфляцион жараёнларга айланишини чеклаш, уларнинг эҳтимолий иккиламчи таъсирларини юмшатиш ва инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайишини таъминлаш учун зарур деб баҳоланмоқда.
Марказий банк инфляцияни 2027 йил охиригача мақсадли 5 фоиз даражасигача пасайтириш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини таъминлашда давом этади.
Изоҳ