Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги хабарига кўра, 2024 йил 18 январь куни соат 22:00-24:00 оралиғида Сариосиё туман ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ётоқхонасида ётувчи 32 нафар ўқувчида соғлиғи билан боғлиқ кўнгил айниши, ошқозонда ва қоринда оғриқлар кузатилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича мактаб-интернат ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатган. Қўшимча ёрдам учун тез ёрдам ходимларининг кўрсатмасига кўра туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Маълумот ўрнида мактаб-интернат ошхонасида аутсорсинг асосида “Азизбек Омад учқуни” МЧЖ фаолият олиб боради.
Жорий йилнинг 19 январь куни Сариосиё туман Санитария ва эпидималогия осойишталик маркази томонидан мактаб-интернат ошхонасининг санитария ҳолати тўлиқ ўрганилиб, 18 январь куни ўқувчиларга берилган нонушта, тушлик ва кечки овқат намуналари таҳлил учун олинган.
"Ҳозирда барча ўқувчиларнинг соғлиги яхши, дарс жараёнларда фаол иштирок этишмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаймизки, вазият ИИБ, СЭС ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан назоратга олинган", - дейилади хабарда.