Наманганда 31 ёшли эркак 48 ёшли қўшни аёлни ИИБга бериб, жазолаётгани сабабли чопқи билан ўлдирди. Воқеа тафсилотларини UzNews.uz'га Бош прокуратура маълум қилди.
Маълум бўлишича, Наманган шаҳри “Олвализор” МФЙда яшовчи Х.А. исмли эркак жорий йилнинг 12 июнь куни қўшниси М.Т. исмли аёл билан олдиндан ўрталарида бўлиб келаётган уй-жой низоси юзасидан жанжаллашиб, темирдан ишланган “лом” билан унга ҳужум қилганида шу жойда бўлган фуқаролар томонидан тўхтатиб қолинган. Шундан сўнг, аёл ИИБга эркак устидан шикоят қилган. Шундан сўнг, эркакка нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, иш судга оширилган.
Аммо, эркак маъмурий чора кўрилаётганлигидан ғазабланиб, қўшни аёлни қасддан ўлдириш мақсадида 4 июль куни соат 16:00 ларда ўзининг эгизак акаси билан бирга чопқи ва пичоқ билан қуролланиб, қўшни аёлнинг уйига келган.
Сўнг, қўшни яшаш уйининг ташқарисига чиққан вақтида эркак аёлни 10 ёшли қизи олдида ерга йиқитиб, ўзи билан олиб келган чопқи билан қорин, елка соҳаларига бир неча маротаба урган ва аёлнинг икки қўлини кафт соҳасидан чопқи билан чопиб ташлаган. Қўшни аёл олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан эркакка нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.