Бухоро вилоятининг вилоятларида электр энергияси узилишлар жадвали ижтимоий тармоқларда тарқалди. Жадвалга кўра, ҳар куни аҳоли 8 соат давомида электр энергиясиз қолиши мумкин. “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ушбу маълумотга изоҳ берди.
“Маълумки, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва уни истеъмол қилиш бир вақтга тўғри келади. Шунинг учун электр энергияси захирасини яратиш имконсиздир. Шу сабабли энерго тизимда ёқилғи ва қувват танқислиги юзага келган вақтларда электр энергияси балансини таъминлаш ҳамда энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулодда аварияли ҳолатларни юзага келишини олдини олиш мақсадида ҳудудларда эҳтимолий чеклов графиклари шакллантирилган", — дейилади муносабатда.
Департаментнинг таъкидлашича, бундай чеклаш жадваллари фақат зарур ҳолларда, электр қуввати тақчиллиги юзага келганда амал қилади.
“Биз истеъмолчилардан мавжуд вазиятни тўғри тушунишни, тармоқларда юз бериши мумкин бўлган йирик аварияларнинг олдини олиш учун ресурслардан имкон қадар оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни сўраймиз”, — дея аҳолига мурожаат қилди компания.