Жорий йилнинг 1 август куни Наманган вилояти Чуст туманидаги 64-сонли мактабгача таълим ташкилотида 2017 йилда туғилган бола вафот этганлиги юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги муносабат билдирди.
Мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг сўзларига кўра, 2017 йилда туғилган А.Ш. жорий йилнинг 1 августь куни эрталаб соғлом ҳолатда МТТга соғлом қабул қилинган. Таълимий фаолиятга яхши қатнашган. Кун тартибига кўра тушлик қилган ва гигиена қоидаларига амал қилгач барча тарбияланувчилар қатори ухлашга ётган.
Тарбиячи уйқудан уйғониш вақти бўлганда аввал қизларни сўнгра ўғил болаларни ҳожатга олиб чиқиш учун уйқудан уйғотган. Лекин бола бошини кўтарган ва яна ётиб олган. Тарбиячи марҳум А.Ш.ни уйғотган. Шунда бола тилини чайнаб юборганлигини кўрган ва зудлик билан ҳамширани олдига биринчи ёрдам кўрсатиш учун кўтариб олиб чиққан.
МТТ ҳамшираси болага биринчи тиббий ёрдамни қилиб зарурий муолажаларни амалга оширган ва тез тиббий ёрдамга хабар берилган.
Тиббиёт ходимларининг ҳаракатларига қарамай бола вафот этган. Ўлим ҳақидаги маълумотномага асосан J22 Қуйи нафас йўлларининг аниқланмаган ўткир респиратор инфекцияси; J81 Ўпка шишиши ўлим сабаби этиб кўрсатилган.
Ушбу ҳолат юзасидан 2022 йил 2 августь куни вилоят Мактабгача таълим бошқармаси тезкор гуруҳи томонидан дастлабки ўрганиш ўтказилди ҳамда тегишли маълумотлар ва ҳужжатлар тўпланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ишлари амалга ошмоқда. Тергов натижаси якуни бўйича қўшимча маълумот берилади.