Жорий йилнинг 2–3 май кунлари Тошкентда ШҲТ мамлакатларининг II Тиббиёт конгресси ва Ўзбекистон кардиологларининг йиллик конференцияси бўлиб ўтди.
Форумда 115 дан ортиқ хорижий ва 30 нафар маҳаллий маърузачи, шунингдек, 2000 дан ортиқ делегат иштирок этди. Конгресс доирасида 2 та ялпи мажлис, 13 та илмий секциялар, 12 та симпозиум, 7 та форум ва 3 та давра суҳбати ташкил этилди — жами 273 та маъруза тингланди. Улар юқумсиз касалликларнинг олдини олиш ва даволашдаги долзарб масалаларга бағишланди.
Муҳим қарорлардан бири сифатида ШҲТ Тиббиёт ассоциацияси ва Ёш мутахассислар академияси ташкил этилиши ва унинг бош қароргоҳи Тошкентда бўлиши қайд этилди.
Ёш кадрларга алоҳида эътибор қаратилди. Танловлар, илмий турнирлар ва "Ёш олимлар клуби"нинг илк қурултойи ўтказилди.
Шунингдек, конгресс давомида кардиология соҳаси бўйича долзарб йўналишлар — кардиоонкология, рақамли кардиология, гипертония ва диагностик визуализация каби масалалар муҳокама қилинди. Россия, Қозоғистон, Беларус, Италия, Эрон каби давлатлар иштирокида халқаро форумлар ташкил этилди.
Конгресс якунида якуний баёнот (коммюнике) қабул қилинди ва етакчи тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик тўғрисида бир нечта меморандумлар имзоланди.
Мазкур тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази томонидан, халқаро ташкилий қўмита кўмагида ташкил этилди.
Маълумот ўрнида, ушбу қўмита таркибига ШҲТ мамлакатларининг етакчи академиклари ва экспертлари киритилган.
Репортаж: