• 11 809 сўм
    -12.42
  • 13 404 сўм
    -15.28
  • 142 сўм
    1.72
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 809 сўм
    -12.42
  • 13 404 сўм
    -15.28
  • 142 сўм
    1.72
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 11:39

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн сўмдан ошди

Жиззах, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида реал иш ҳақининг ўсиш суръатлари энг юқори бўлди.

148
0
uznews.uz

Январь–июнь ойларида номинал иш ҳақи йиллик ҳисобда 18,4 фоизга, реал иш ҳақи эса 10,9 фоизга ўсди. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори ўсиш кўрсаткичи бўлди. Ўртача ойлик иш ҳақи 7,1 млн сўмни ташкил этди.

Марказий банкнинг қайд этишича, сўнгги вақтларда пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши инфляциянинг секинлашишига олиб келган. Шу билан бирга, номинал иш ҳақининг нисбатан барқарор ўсиши номинал ва реал кўрсаткичлар ўртасидаги тафовутнинг сезиларли қисқаришига хизмат қилган. 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, бу фарқ 7,5 фоизгача камайган.

Натижада аҳоли реал даромадларининг ўсиши меҳнат бозорида иш ҳақининг ошишидан кўра, нархлар ўсишининг секинлашиши ҳисобига шаклланмоқда. Номинал иш ҳақининг барқарор ўсиши эса ишчи кучи таклифи талабдан тезроқ ўсиши билан ҳам изоҳланиши мумкин.

Келгусида реал даромадларнинг ўсиши ички истеъмол талабини қўллаб-қувватловчи омилга айланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, инфляция босимининг кучайишига олиб келиши эҳтимоли бор.

Жорий йилнинг биринчи ярмида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи молия ва суғурта соҳасида — 19,1 млн сўм, шунингдек, ахборот ва алоқа соҳасида — 17,4 млн сўм бўлган. Энг паст иш ҳақи қишлоқ хўжалигида — 3,5 млн сўм ва ижтимоий хизматлар соҳасида — 4,7 млн сўм қайд этилган.

Иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари ташиш ва сақлаш соҳасида — 22,8 фоиз, ижтимоий хизматларда — 20,2 фоиз ҳамда қурилишда — 19,9 фоизни ташкил этган.
Сўнгги вақтларда қурилиш, саноат, шунингдек, ташиш ва сақлаш соҳаларида иш ҳақи ўсиши сезиларли тезлашган. Бу мазкур тармоқларда ишчи кучига талаб юқори экани ва иш берувчилар ўртасида малакали кадрлар учун рақобат кучайганини кўрсатади.

Бундан ташқари, энг юқори маош тўланадиган соҳаларда иш ҳақи ўсиш суръатлари барқарорлашган бир пайтда, ижтимоий хизматлар ва қишлоқ хўжалиги каби нисбатан кам ҳақ тўланадиган соҳаларда ўсишнинг тезлашиши меҳнат бозорида даромадлар ўртасидаги тафовут аста-секин қисқараётганидан далолат беради.

2026 йилда ҳудудлар кесимида реал иш ҳақи динамикаси ҳам сезиларли яхшиланди. 2024–2025 йилларда кузатилган ҳудудлар ўртасидаги катта фарқ ва даврий тебранишлар 2026 йилга келиб қисқарди. Бунда барча ҳудудларда реал иш ҳақининг юқори ўсиши қайд этилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, бундай динамика ҳудудларда инфляция босими пасайгани, натижада аҳолининг харид қобилияти яхшилангани ҳамда меҳнат бозорида даромадлар бўйича ҳудудий тафовут қисқарганини кўрсатади.

Шу билан бирга, айрим ҳудудларда иш ҳақининг ўсиш суръатлари бошқаларига нисбатан анча юқори бўлиб қолмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг ўтган даврида иш ҳақининг энг юқори ўсиши Жиззах вилоятида — 13,3 фоиз, Наманган вилоятида — 11,8 фоиз ва Тошкент шаҳрида — 10,7 фоизни ташкил этган.

Энг паст ўсиш суръатлари Андижон вилоятида — 7,9 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида — 8,7 фоиз қайд этилган.
Умуман, жорий йилда турли тармоқлар ва ҳудудларда иш ҳақининг юқори суръатларда ўсиши аҳоли даромадларининг кенг кўламда ошиши ҳисобига ички истеъмол ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи омиллардан бири бўлди.

148
0

Изоҳ