Россияда патент асосида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам 9,2 фоизга қисқарган. Шу билан бирга, меҳнат миграцияси йўналишлари диверсификацияланмоқда. 2021–2025 йилларда Туркия, Жанубий Корея, Европа мамлакатлари ва АҚШдаги ўзбекистонликлар сони ўсиш тенденциясини кўрсатган. 2024 йилда ушбу ҳудудлардаги ўзбекистонликлар сони 10,1 фоизга, 2025 йилда эса 8 фоизга ошган.
2025 йил якунига кўра, мазкур давлат ва минтақалардаги ўзбекистонликлар сони қарийб 320 минг нафарга етган. Энг катта ўсиш Европа Иттифоқи давлатлари ва Туркияда қайд этилган: 2025 йилда Европа Иттифоқидаги ўзбекистонлик мигрантлар сони 13,2 фоизга, Туркияда эса 10,7 фоизга кўпайган.
2026 йил 1 июль ҳолатига Туркиядаги Ўзбекистон фуқаролари сони 70 минг нафарни ташкил этиб, бир йилда 9,3 фоизга ошган. Жанубий Кореяда эса бу кўрсаткич 102,2 минг нафарга етган.
Марказий банк қайд этишича, Россияга меҳнат миграциясининг қисқариши ички меҳнат бозорида ишчи кучи таклифини ошириши мумкин. Бу айрим соҳаларда иш ҳақи ўсишини секинлаштириб, иш берувчиларнинг меҳнат харажатларини нисбатан камайтириши эҳтимолини юзага келтиради.
Бироқ миграция оқимининг айрим йўналишларда қисқариши пул ўтказмалари камайишига, бу эса хонадонлар даромадлари ва истеъмол талабига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Изоҳ