Тошкент вилояти ИИББ Тергов бошқармаси ходимлари йирик миқдордаги фирибгарликда гумонланаётган эркакни қўлга олди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Олмалиқ шаҳрида туғилган 48 ёшли Павел Ким фуқароларга қарзга пул берган. Қарзнинг қайтарилишини кафолатлаш мақсадида у қарз олувчилардан амалда берилган маблағдан 10 баробар кўп сумма кўрсатилган тилхат ёзиб беришни талаб қилган. Масалан, у 1 000 доллар қарз бериб, 10 минг доллар олгани ҳақида тилхат ёздирган.
Бироз вақт ўтгач, эркак ушбу тилхатлар билан фуқаролик судларига мурожаат қилиб, қарз миқдорини 10 баробар оширилган ҳолда ундириш ҳақида суд қарорлари чиқарилишига эришган.
Унинг уйи ва ишхонасида ўтказилган тинтув давомида 100 та қарз тилхати, Мажбурий ижро бюросининг пул ундиришга оид 50 га яқин ҳужжати, 55 та турар жой объектига тегишли кадастр ҳужжатлари ҳамда пневматик қурол топилган.
Ҳозирга қадар унинг ҳаракатларидан жабрланган 65 нафар фуқародан ариза келиб тушган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (ўта кўп миқдорда фирибгарлик), 188-моддаси 1-қисми (ноқонуний тадбиркорлик фаолияти) ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» банди (ўта кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи ҳибсга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу шахсдан жабрланган ёки унинг эҳтимолий жиноий фаолияти ҳақида маълумотга эга фуқароларни +998 71 762-20-82 ёки 102 рақамлари орқали мурожаат қилишга чақирди. Мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланган.
Изоҳ