«Хитой – Марказий Осиё» фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик ишчи гуруҳи конференцияси доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация идоралари вакиллари учрашди. Унда Қозоғистон делегациясига мамлакат Транспорт вазирлиги Фуқаро авиацияси қўмитаси раиси Салтанат Томпиева, Ўзбекистон томонига эса Транспорт вазирлиги Ҳаво транспорти бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Назаров раҳбарлик қилди.
Музокараларда икки давлат ўртасидаги авиақатновларни янада кенгайтириш, мунтазам рейслар сонини ошириш ҳамда йирик шаҳарлар ўртасидаги авиасайёҳатлар имкониятларини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
Келишувга кўра, Олмаота – Тошкент ва Остона – Тошкент йўналишларининг ҳар бири бўйича рухсат этилган рейслар сони ҳафтасига 60 тага етказилади.
Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги бошқа йўналишларда ҳам рухсат этилган рейслар частотаси ҳафтасига 14 тадан 20 тага оширилади.
Қайд этилишича, келишувларни амалга ошириш талаб юқори бўлган йўналишларда авиақатновлар таклифини кўпайтиришга хизмат қилади. Икки мамлакат ўртасида йўловчилар оқимининг ўсиши, ишбилармонлик ва сайёҳлик алоқаларининг фаоллашиши авиасайёҳатларга бўлган талабни ҳам оширмоқда.
Изоҳ