Президент айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади.
Унга мувофиқ, экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Аввал бундай ҳаракатлар учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Энди эса тақиқланган ташкилотни тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш билан унда иштирок этиш учун белгиланган жазолар ўзаро фарқланади.
Шунингдек, қуйидаги ҳаракатлар биринчи марта содир этилганда маъмурий жавобгарлик белгиланади:
- экстремизм, сепаратизм ёки диний мутаассиблик ғояларини тарғиб қилувчи, оммавий қотиллик ёки фуқароларни зўравонлик билан кўчиришга даъват этувчи, шунингдек, аҳоли орасида ваҳима тарқатишга қаратилган материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки сақлаш;
- экстремистик ва террористик ташкилотларнинг атрибутикаси ёки рамзларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки сақлаш.
Бундай ҳуқуқбузарликлар учун фуқароларга 50 баравардан 100 бараваргача, мансабдор шахсларга эса 100 баравардан 150 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима солинади. Бунда ҳуқуқбузарлик предметлари мусодара қилинади ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилади.
Ушбу ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик эса шахс маъмурий жазо қўлланилганидан кейин уларни такроран содир этган тақдирда юзага келади.
Изоҳ