Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан китоб кафелари ва китоб дўконлари фаолиятини кенгайтириш учун қарз ажратиш тартиби тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси томонидан ҳар бир ҳудуд учун жами 1 млрд сўмгача маблағ йўналтирилади.
Имтиёзли қарзлар ойига 10 мингдан ортиқ китоб сотадиган юридик шахсларга берилади. Маблағлар 3 йилгача муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан ажратилади. Фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасининг 50 фоизини ташкил этади.
Қарз олиш учун тадбиркор китоб кафеси ёки дўконини кенгайтиришга мўлжалланган бино ёки унинг бир қисмига эгалик қилиши, ижарага олган ёки текин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.
Шунингдек, талабгорнинг кредит тарихи ўрта ёки ундан юқори даражада бўлиши, лойиҳа бизнес-режаси эса Жамғарма кенгаши томонидан маъқулланиши керак.
Ажратилган маблағларни бино сотиб олиш ёки ижарага олиш, таъмирлаш, жиҳозлаш, коммунал хизматлар ҳақини тўлаш, ходимлар иш ҳақи ва бошқа фаолият билан боғлиқ харажатларга йўналтириш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил июль ойида президент савдо марказларида китоб дўконларини мажбурий ташкил этиш, 24 соат ишлайдиган китоб кўчаларини очиш ҳамда Tashkent Book Fest фестивалини ўтказишни назарда тутувчи қарорни имзолаган эди. Ушбу чора-тадбирлар аҳоли ўртасида китобхонликни оммалаштиришга қаратилган.
Изоҳ