Бухоро 2027 йилда ЮНЕСКОнинг Ижодий шаҳарлар тармоғи (UCCN) йиллик конференциясининг 19-йиғилишига мезбонлик қилади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилишида конференцияни Бухорода ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди.
«Қадимий Ипак йўлида жойлашган Бухоро Марказий Осиёнинг тарихий маданий марказларидан бири ҳисобланади. Шаҳар бой маданий ва меъморий мероси, шунингдек, ҳунармандчилик санъатининг кўп асрлик анъаналари билан машҳур.
Маданий фаолликнинг ортиб бориши Бухоронинг халқаро миқёсдаги эътирофини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда ҳамда туризмни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий иқтисодиётни юксалтириш учун янги имкониятлар очмоқда. Бунда маданий меросни асраб-авайлаш, ижтимоий инклюзия ва экологик барқарорлик шаҳарнинг маданият ва ижодий индустрияларни ривожлантиришга қаратилган ёндашувининг асосий тамойиллари бўлиб қолмоқда», — дейилади хабарда.
Бухоро Марказий Осиё, МДҲ ва Туркий давлатлар ташкилоти ҳудудида ушбу халқаро тармоқнинг йиллик конференциясини қабул қиладиган биринчи шаҳар бўлади.
Форумнинг асосий мавзулари ижодий индустрияларни ривожлантириш, маданий меросни асраш ва ундан замонавий фойдаланиш, ёшлар ҳамда ижодий касб вакилларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маданиятнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ҳиссасидан иборат бўлади.
Маълумот учун, ЮНЕСКОнинг Креатив шаҳарлар тармоғи (UCCN) 2004 йилда ташкилотнинг шаҳарларни ривожлантиришга қаратилган асосий дастурларидан бири сифатида ташкил этилган. Унинг мақсади ижодкорликни шаҳарларнинг барқарор ривожланишидаги стратегик омил сифатида кўрадиган шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиришдан иборат.
Айни вақтда мазкур тармоқ дунё бўйлаб 408 та шаҳарни бирлаштирган. Уларнинг барчаси ижодкорлик ва маданий индустрияларни маҳаллий ривожланиш стратегияларининг марказига қўйиш ҳамда халқаро миқёсда фаол ҳамкорлик қилишни мақсад қилган.
Изоҳ