• БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Кеча, 17:58

Президент олимпиадаси ғолибларига 25 млн сўм ва бир йиллик стипендия берилади

Ғолибларга халқаро ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиш имконияти ҳам яратилади. Олимпиадада ғолиб бўлиб, Ўзбекистон рекордини янгилаган мактаб битирувчилари олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз қабул қилиниши мумкин.

95
0
president.uz

Шавкат Мирзиёев иккинчи марта ўтказилаётган Президент олимпиадасининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби хабар берди .

Бу йилги мусобақаларда мамлакатнинг турли ҳудудларидан 3,5 мингдан ортиқ ёш спортчи иштирок этмоқда. Улар олимпия ва паралимпия йўналишлари бўйича 26 та спорт турида беллашади.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида келаси йилдан Президент олимпиадаси ғолиблари ва совриндорларига бериладиган пул мукофотлари 2,5 бараварга оширилади. Биринчи ўрин учун 25 млн сўм, иккинчи ўрин учун 12 млн сўм, учинчи ўрин учун эса 6 млн сўм тўланади.

Шунингдек, олимпиадада ғолиб бўлиб, Ўзбекистон рекордини янгилаган мактаб битирувчилари олий таълим муассасаларининг спорт йўналишларига кириш имтиҳонларисиз, давлат гранти асосида қабул қилинади.

Президент олимпиадаси дастурига киритилган спорт турлари сони 35 тага етказилади. Иштирокчиларнинг ёш тоифаси ҳам кенгайтирилиб, мусобақалар 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида ўтказилади.

Ҳар йили олимпиаданинг 50 нафар ғолиби хориждаги халқаро ўқув-машғулот йиғинларига юборилади. Келаси йилдан ғолибларга бир йил муддатга стипендия ҳам тўлана бошланади. Ўз йўналишида энг яхши натижа кўрсатган спорт мактаби зарур жиҳозлар билан таъминланади.

Бундан ташқари, пойтахтда жойлашган Олимпия шон-шуҳрати музейи Олимпия шаҳарчасига кўчирилади. Бу ёш спортчиларга мамлакат чемпионларининг тарихи ва ютуқлари билан яқиндан танишиш имконини беради ҳамда уларни янги ғалабаларга ундайди.

Президент ёшларни доимий равишда ўз устида ишлаш, қатъий интизом ва билим орқали юқори натижаларга эришиш учун яратилган имкониятлардан фойдаланишга чақирди.

95
0

Изоҳ