Ўзбекистонда ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш дастури амалга оширилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
Дастлаб дастур Самарқандда ишга туширилади, 2028 йилдан эса мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ушбу мақсадлар учун ҳар йили 700 млрд сўм маблағ ажратилади.
Шунингдек, қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ва болалардаги онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш дастурлари давом эттирилади.
Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкентда инфаркт ҳамда инсультни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича амалга оширилаётган дастур натижалари ҳам қайд этилди. Маълум қилинишича, беш ой давомида ушбу касалликлардан эрта ўлим кўрсаткичи 15 фоизга камайган.
Илк аломатлар пайдо бўлганидан кейинги «олтин соат» ичида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли 855 нафар инсонни эрта ўлим ва ногиронликдан сақлаб қолишга эришилган.
Келгуси йилда ушбу дастурни амалга ошириш учун 280 млрд сўм ажратилади. Дастур мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олади.
Бундан ташқари, аҳоли учун кафолатланган тиббий хизматлар пакети кенгайтирилади. Келгуси йилда бепул бериладиган дори воситалари номлари 73 тага, тиббий текширув турлари эса 36 тага етказилади.
Изоҳ