Ўзбекистонда Озарбайжоннинг AzerGold акциядорлик жамиятига қарашли илк хорижий шўба корхона — AzerGold Uzbekistan расман рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати маълум қилди.
Компаниянинг асосий фаолияти Қашқадарё вилоятидаги Акба олтин конида комплекс геологик қидирув ишларини олиб бориш, минерал ресурсларни баҳолаш ва конни ўзлаштиришнинг тижорий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини аниқлашдан иборат бўлади.
Ҳозирда кон ҳудудида геологик қидирув ишларини олиб бориш учун зарур рухсатномаларни олиш бўйича ишлар давом этмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг тегишли қарори асосида лицензия олинганидан сўнг 18 ойга мўлжалланган қидирув ишлари бошланади.
Бу даврда кон ҳақидаги мавжуд геологик маълумотларни ўрганиш, қўшимча қидирув ишларини ўтказиш, минерал ресурсларни халқаро JORC стандартлари асосида баҳолаш, металлургик синовларни амалга ошириш ҳамда атроф-муҳитга таъсирини ўрганиш режалаштирилган. Шунингдек, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш технологиялари ҳам кўриб чиқилади.
Ишлар якунида конни саноат миқёсида ўзлаштириш мақсадга мувофиқлигини аниқлаш имконини берувчи якуний техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилади. Олинган натижалар асосида олтин кондан кейинги фойдаланиш бўйича инвестиция таклифи тайёрланади.
AzerGold компаниясининг Ўзбекистондаги яна бир фаолият йўналиши истиқболли фойдали қазилма конларини биргаликда қидиришдан иборат бўлади. Бунинг учун Навоий ва Нурота шаҳарлари оралиғидаги истиқболли ҳудудларда геологик қидирув ишларини олиб борувчи қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида дастлабки икки йил учун геологик қидирув ишлари ва уларни молиялаштириш режаси тайёрланган. Агар қидирув натижасида иқтисодий жиҳатдан фойдали қазилма захиралари аниқланса, томонлар конларни биргаликда ўзлаштириш ва тегишли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқади.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудларида жойлашган, ўзаро манфаатли бўлган бошқа фойдали қазилма конларини биргаликда қидириш ва ўзлаштириш истиқболларини ҳам муҳокама қилмоқда.
Изоҳ