Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қатор объектлар қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди.
Маълум қилинишича, вилоятда умумий қиймати 6 млрд доллардан ортиқ бўлган 161 та лойиҳа тайёрланган. Маросимда уларнинг 69 таси ишга туширилди, яна 92 та объект қурилишига старт берилди.
Ҳозирда ишга туширилаётган 28 та саноат корхонасида қарийб 7 мингта доимий иш ўрни яратилмоқда. Италиянинг Cotonella бренди йилига 8,5 млн долларлик тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.
Касби, Миришкор ва Касан туманларида тўқимачилик соҳасида яна 14 та лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳалар орқали 18 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишида ҳам янги қувватлар ташкил этилмоқда. АҚШлик ҳамкорлар иштирокидаги Wosune Food Ingredients Karshi корхонаси 3,5 минг гектар майдонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг йилига 100 минг тоннасигача қайта ишлайди. Қиймати 40 млн долларлик маҳсулотларни Nestlé ва Purina каби халқаро брендларга етказиб бериш учун экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Миср ва Покистон инвесторлари Нишон ва Ғузор туманларида 24 минг гектар ерни ўзлаштириш орқали картошкачилик ва чорвачилик лойиҳаларини амалга оширишга киришмоқда.
Энергетика соҳасида ҳам бир қатор лойиҳалар бошланди. Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 мегаватт бўлган учта гидроэлектр станцияси ишга туширилди.
Хитойнинг Shanghai SUS компанияси иштирокида Қарши туманида 150 млн долларлик чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш заводини йил охиригача ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида умумий қуввати 58 мегаватт бўлган тўққизта кичик ГЭС қурилади.
Китоб туманида Озарбайжон билан ҳамкорликда олтин қазиб олиш лойиҳаси бошланмоқда. Шаҳрисабз туманида эса Россия инвесторлари билан биргаликда 300 млн долларлик лойиҳа амалга оширилиб, унинг доирасида канат йўли, меҳмонхона ва чанғи курорти барпо этилади.
Давлат раҳбари вилоятга инвестиция киритаётган хорижий ҳамкорлар ва инвесторларга, янги технологиялар ҳамда инновацияларни жорий этаётгани учун миннатдорлик билдирди.
«2027 йил Қашқадарёни замонавий саноат ва агротехнологиялар асосида ривожлантириш йили бўлади», — деди Президент тадбирда.
Маросим якунида Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларни ишга туширди ва бошқа объектлар қурилишига старт берди.
Изоҳ