• 11 847 сўм
    37.38
  • 13 241 сўм
    34.69
  • 139 сўм
    0.8
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 847 сўм
    37.38
  • 13 241 сўм
    34.69
  • 139 сўм
    0.8
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 18:38

Мирзиёев МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилади

Ўзбекистон савдо чекловларини бартараф этиш, интеграциялашган логистика марказларини ташкил қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва кибермошенжликка қарши биргаликда курашиш ташаббусларини илгари сурди.

44
0
uznews.uz

Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик ҳудудида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари йиғилиш иштирокчиларини МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллиги билан табриклади. У бугунги мураккаб халқаро вазиятда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни мувофиқлаштириб бориш ва келишувларни амалий натижаларга айлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Президент мамлакатлар ўртасидаги савдо-инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратишни таклиф қилди.

Эркин савдо зонасини тўлиқ ишлатиш

Ўзбекистон техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва давлат харидларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш тарафдори эканини билдирди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давлат харидлари соҳасида ўзаро бозорга кириш имкониятларини кенгайтириш тўғрисидаги битим ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик дастурини келишиш ва тасдиқлашни тезлаштириш таклиф этилди.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар экспортига чекловлар жорий этилишидан олдин давлатларни хабардор қилиш ва маслаҳатлашувлар ўтказиш механизмини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Саноат, инвестиция ва транспорт алоқалари

Президент эркин иқтисодий зоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси»ни келишишни тезлаштиришни таклиф қилди.

Ўзбекистон, шунингдек, интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини сезиларли қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ва МДҲнинг ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш тарафдори.

Мамлакат Туркманистоннинг 2029 йилни МДҲда Транспорт алоқадорлиги йили деб эълон қилиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлади.

Энергетика хавфсизлиги

Ўзбекистон МДҲ энергетика соҳасини инновацион ривожлантириш дастури ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиққанини маълум қилди.

Шунингдек, кам углеродли технологияларни жорий этиш, ёпиқ ишлаб чиқариш циклига эга тармоқларни ривожлантириш ҳамда ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Маданий-гуманитар алоқалар

Давлат раҳбари Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси фаолияти имкониятларини кенгайтириш орқали ушбу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, замонавий технологиялар таъсирида жадал ўзгараётган ижодий индустрияларга алоҳида эътибор қаратиш ва «Маданий сиёсат ва креатив индустриялар» форумини ташкил этиш таклиф қилинди.

Кибержиноятчиликка қарши кураш

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлари кенгашига трансчегаравий кибержиноятлар ва фирибгарлик схемаларига тезкор жавоб бериш учун МДҲнинг Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни қисқа муддатда ишлаб чиқишни топширишни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида келаси йили Ўзбекистон МДҲга раислик қилишини таъкидлаб, Ҳамдўстликни мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳаётида сезиладиган аниқ натижаларга эришиш учун яқин ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

44
0

Изоҳ