Ўзбекистоннинг йирик маркетплейсларидан бири — Uzum Market техник носозликдан сўнг фаолиятини тиклаётганини маълум қилди. 8 октябрь куни эрталабдан фойдаланувчилар сайт ва мобил илова хизматларидан фойдалана олмаган.
Компания матбуот хизматининг 9 октябрда хабар беришича, омборларда буюртмаларни йиғиш бошланган. Яқин вақт ичида 8 ва 9 октябрь саналардаги юкхатлар бўйича товарларни қабул қилиш ҳам йўлга қўйилади.
Мамлакат бўйлаб буюртмаларни топшириш пунктлари одатий тартибда ишламоқда. Харидорлар SMS орқали келган буюртма рақами ёки олувчининг исмини айтиш орқали товарларини олишлари мумкин. Шунингдек, тегишли хизмат мавжуд пунктларда сотувчилар товарларни омборга жўнатиш учун топширишлари мумкин.
Буюртмаларни топшириш пунктларида сақлаш муддати узайтирилган. Сайт, мобил илова ва сотувчиларнинг шахсий кабинетлари тўлиқ тиклангани ҳақида компания қўшимча хабар беришини билдирган.
Uzum Market маълум қилишича, носозлик юқори савдо мавсуми олдидан янги инфратузилмани синовдан ўтказиш жараёнида юзага келган. Компания фойдаланувчилар ва ҳамкорларнинг маълумотлари хавфсизлигини таъминланганини қайд этди.
Носозликдан зарар кўрганларга қандай ёрдам берилади?
- Франшиза асосида ишловчи буюртма топшириш пунктлари эгаларига бой берилган даромад қоплаб берилади.
- Сотувчилар учун октябрь ойи охиригача логистика ва товарларни сақлаш хизматлари бепул бўлади.
- Техник носозлик туфайли буюртмаларини ола олмаган харидорларга кейинги харид учун промокодлар берилади.
Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни эрталаб Uzum Market сайти ва мобил иловасида кенг кўламли узилиш кузатилган эди. Компания экотизимидаги бошқа лойиҳалар, жумладан, Uzum Bank фаолиятига эса бу ҳолат таъсир қилмаган.
Изоҳ