Ўзбекистонда носоз ҳаво кемаларида парвозларни амалга ошириш, рухсат этилган юклама меъёридан ошиш ва рўйхатдан ўтказилмаган самолётларни бошқарганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Тегишли ўзгартиришлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Парвозлар хавфсизлиги қоидаларини бузиш» деб номланган 116-моддасини янги нормалар билан тўлдиришни назарда тутади.
Хусусан, парвозларни амалга ошириш ва таъминлаш билан бевосита боғлиқ фаолиятни тегишли ҳуқуқсиз амалга оширганлик ёки бундай ҳуқуқни бошқа шахсларга берганлик учун фуқароларга БҲМнинг 10 баравари (4,4 млн сўм), мансабдор шахсларга эса 20 баравари (8,8 млн сўм) миқдорида жарима белгилаш таклиф этилмоқда.
Йўловчи сиғими, юк кўтариш қобилияти, ҳаво кемасининг энг юқори учиш вазни ёки марказлашуви бўйича белгиланган меъёрларни бузган ҳолда парвозни амалга оширганлик учун БҲМнинг 15 баравари (6,6 млн сўм) миқдорида жарима жорий этилиши мумкин.
Носоз ёки фойдаланиш тақиқланган ҳаво кемаларида жиноят аломатларисиз парвозларни амалга оширганлик учун эса БҲМнинг 20 баравари (8,8 млн сўм) миқдорида жарима белгиланиши таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки таниб олиш ва рўйхатдан ўтказиш белгиларига эга бўлмаган ҳаво кемасини бошқарганлик учун БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (4,4 млн сўмдан 8,8 млн сўмгача) жарима жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси муҳокамаси 24 октябрга қадар давом этади.
Изоҳ