• 11 847 сўм
    37.38
  • 13 241 сўм
    34.69
  • 139 сўм
    0.8
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 847 сўм
    37.38
  • 13 241 сўм
    34.69
  • 139 сўм
    0.8
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 09:34

Ўзбекистонда оғир ақлий заифлиги бўлган шахсларнинг васийларига нафақа тўлаш тартиби белгиланди

18 ёшдан ошган, чуқур даражадаги ақлий заифлик ташхиси қўйилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг расман тайинланган васийлари парвариш нафақасини олиши мумкин. Нафақа тайинлаш ёки рад этиш ҳақидаги қарор ахборот тизими орқали автоматик қабул қилинади.

127
0
uznews.uz

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 октябрдаги қарори билан чуқур даражадаги ақлий заифлик ташхиси қўйилган 18 ёш ва ундан катта ногиронлиги бўлган шахсларни парваришлаётган васийларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, нафақа олиш ҳуқуқига мазкур шахсларга расман васий этиб тайинланган фуқаролар эга бўлади. Тўловлар Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, республикада доимий яшовчи хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам берилади.

Нафақани қандай расмийлаштириш мумкин?

Нафақа олиш учун васий «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига ёки ижтимоий ходимга мурожаат қилиши керак. Бунда ногиронлиги бўлган шахсга васий тайинлангани тўғрисидаги қарор тақдим этилади.

Ушбу ҳужжат тақдим этилмаса, ариза анкетасини тўлдириш рад этилади. Бундай ҳолатда бир иш куни ичида рад этиш сабаблари кўрсатилган ёзма тушунтириш берилиши лозим.

Масъул ходим мурожаат этувчи номидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида электрон анкетани тўлдиради.

Нафақа қандай тайинланади?

Анкета тасдиқланганидан кейин ахборот тизими васийликдаги шахснинг ногиронлиги ва унга қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотларни автоматик текширади.

Шунингдек, шахс «Ғамхўрлик» марказида экани ёки «Янги кун» кундузги парвариш, уйда парваришлаш ёхуд «Мадад» кичик уйлари хизматларидан фойдаланаётгани ҳам текширилади.

Ушбу маълумотлар асосида нафақа тайинлаш ёки уни рад этиш тўғрисидаги қарор инсон аралашувисиз қабул қилинади. Натижа ариза берувчига SMS-хабарнома орқали юборилади. Нафақа тайинланган тақдирда, хабарномада тўловни амалга оширувчи банк ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади.

Зарур ҳолларда ижтимоий карта ҳам расмийлаштирилади. Аризани кўриб чиқиш бепул амалга оширилади.

Нафақа қачон ва қандай тўланади?

Нафақа мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади ҳамда ногиронлик белгиланган давр ва васийлик амал қиладиган муддат давомида ҳар ой тўлаб борилади.

Пул маблағлари олувчининг ижтимоий картасига ўтказилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги нафақа тайинланган ойдан кейинги ойнинг 5-санасига қадар банкка тўлов қайдномалари ва зарур маблағларни тақдим этади. Банк эса маблағларни бир иш куни ичида олувчиларнинг ижтимоий карталарига ўтказиши шарт.

Нафақа тўловлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Қандай ҳолатларда нафақа рад этилади?

Қарорга кўра, қуйидаги ҳолатларда нафақа тайинланмайди:

  • васийликдаги шахснинг ногиронлиги ёки унга «чуқур даражадаги ақлий заифлик» ташхиси қўйилгани тўғрисида тасдиқланган маълумотлар мавжуд бўлмаса;
  • шахс «Ғамхўрлик» марказида бўлса;
  • у «Янги кун» кундузги парвариш, уйда парваришлаш ёки «Мадад» кичик уйлари хизматларидан фойдаланса.

Бошқа асослар бўйича нафақа тайинлашни рад этишга йўл қўйилмайди.

Қайси ҳолларда нафақа тўхтатиб турилиши мумкин?

Агар ногиронлиги бўлган шахс узрли сабабларсиз белгиланган муддатда тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг қайта кўригидан ўтмаса, нафақа тўлови вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин.

Шунингдек, васий нафақа тўловини тўхтатиб туриш ҳақида мустақил равишда ариза бериши мумкин.

Тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин, зарур маълумотлар билан «Инсон» марказига мурожаат қилингач, нафақа тўлови бир иш куни ичида қайта тикланади.

127
0

Изоҳ