Вазирлар Маҳкамаси одам савдосидан жабрланган шахсларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тартибини тасдиқлади.
Ҳужжатга кўра, ёрдам сўраб тўғридан-тўғри «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, ихтисослаштирилган реабилитация муассасаларига, маҳалладаги ижтимоий ходимга ёки Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 1146 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.
Мурожаатлар шахс одам савдосидан эҳтимолий жабрланувчи деб топилганидан кейин бир ой ичида ёки расман жабрланган деб эътироф этилганидан кейин бир йил давомида қабул қилинади.
Мурожаатдан сўнг мутахассислар шахс одам савдосидан жабрланган деб ҳисоблаш учун асослар бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида дастлабки идентификация ўтказади. Кейин унинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва ёрдамга бўлган эҳтиёжлари баҳоланади.
Реабилитацияга муҳтож шахслар ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтирилиши мумкин. У ерда уларга олти ойгача хавфсиз турар жой, озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари бепул тақдим этилади.
Бундан ташқари, жабрланганлар зарур тиббий ёрдам, психологик ва юридик маслаҳатлардан бепул фойдаланиши, ҳужжатларни расмийлаштириш ва тиклашда кўмак олиши мумкин.
Касб ўрганиш истагида бўлганлар касбий кўникмалар марказларига ўқишга йўналтирилади. Мутахассислар шунингдек, туман ва шаҳар камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлимлари орқали ишга жойлашишга ёрдам беради.
Агар жабрланган шахс реабилитация муассасасида вояга етмаган фарзандлари билан бирга бўлса, мутахассислар уларни яқин атрофдаги боғча ёки мактабларга вақтинча жойлаштиришни ташкил этади. Ота-онаси касб ўрганиш ва ишга жойлашиш даврида зарурат бўлса, болаларга тарбиячи бириктирилади.
Шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган шахслар ҳам ижтимоий хизматлардан фойдаланиши мумкин.
Уларга зарур ёрдам кўрсатилади ва бир вақтнинг ўзида шахсини аниқлаш учун ички ишлар органларига маълумот юборилади.
Тасдиқланган тартибга кўра, одам савдосидан жабрланган аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари яшаш жойига яқин ҳудуддаги ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтирилади.
Эркаклар, хориж фуқаролари ҳамда махсус дастурлар доирасида Ўзбекистонга қайтиб келган репатриантлар одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Республика реабилитация марказида реабилитациядан ўтади.
Реабилитация муассасасига бориш ва қайтиш харажатлари «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади. Компенсация миқдори муассасага қараб БҲМнинг ярмидан бир бараваригача бўлади.
Реабилитация якунланганидан сўнг жабрланганларнинг розилиги билан «Инсон» марказлари уларнинг ҳолатини олти ой давомида мониторинг қилиши мумкин. Зарур ҳолларда қўшимча ижтимоий хизматлар таклиф этилади.
Изоҳ