Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида дарахтлар кесилаётгани ҳақида маълумот тарқалди. Ҳолатни Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда Бўстонлиқ тумани Экополицияси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ жойига чиққан ҳолда ўрганди.
Текширув давомида «Ғазалкент» маҳалласи ҳудудида «Y. D.» МЧЖ 2 гектар майдондаги ер участкасида 586 туп дарахт ва бутани илдизи билан ноқонуний равишда қўпориб ташлагани аниқланди. Улар орасида 9 туп қимматбаҳо дўлана, 3 туп арча, 3 туп кам қимматли олча ҳамда 571 туп учқат бута бор.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича тадбиркорга бир неча бор огоҳлантириш берилган. Бироқ у қонуний талабларга бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатишга уринган.
Ҳисоб-китобларга кўра, қоидабузарлик оқибатида атроф-муҳитга 1 млрд 705 млн 660 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
Изоҳ