Президент Шавкат Мирзиёевга аҳолини куз-қиш мавсумида ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Хусусан, газ тармоғи мавжуд бўлмаган ҳудудларда иситиш мавсуми учун электр энергияси истеъмолининг базавий меъёрини ошириш таклиф қилинди.
Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга декабрь ойида бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласи кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ижтимоий реестрга киритилмаган эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплашда қўлланиладиган ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган даромад чегарасини 1 миллион 430 минг сўмга ошириш таклиф этилди. Бу орқали қўшимча 166 минг оила қўллаб-қувватланиши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси ва газ харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелга қадар узайтириш таклифини билдирди. Ушбу чора бир йил давомида 470 минг оилани қамраб олиши режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари ҳукуматга назарда тутилган ёрдам маблағларини ўз вақтида йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларга кўмакнинг манзиллилигини таъминлаш ҳамда маблағлар ҳар бир олувчига етиб боришини назорат қилиш бўйича топшириқ берди.
Изоҳ