Тезкор тадбир Яшнобод туманидаги Чўлпон маҳалласида жойлашган бизнес марказларидан бирида ўтказилган. Аниқланишича, жиноий гуруҳ бир нечта онлайн қимор платформаларига Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва бошқа давлатларнинг 60 мингга яқин фуқароларини жалб қилган.
Гуруҳ аъзолари оператор, супервайзер, кассир, ҳисобчи-аналитик ва менежерлардан иборат бўлимларга ажратилган ҳолда ишлаган. Мижозларни жалб қилишда махсус дастурий таъминот, шифрланган алоқа ҳамда рақамли изларни яшириш технологияларидан фойдаланилган.
Тадбир давомида сервер қурилмалари, компьютерлар, ноутбуклар, мобиль телефонлар, банк карталари, SIM-карталар, пул маблағлари ва бошқа ашёвий далиллар олинган. Компьютерларни текшириш жараёнида сўнгги олти ойда ушбу тузилма орқали 4 миллион доллар миқдорида пул айланмаси амалга оширилгани билан боғлиқ маълумотлар аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов доирасида 16 нафар шахс билан суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гуруҳнинг асосий 11 нафар аъзоси Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган.
Шунингдек, жиноятга бевосита алоқадор бўлган ва масофадан туриб хизмат кўрсатган шахслар ҳам аниқланиб, уларга нисбатан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ