Мусобақада АҚШ, Озарбайжон, Австралия, Польша ва бошқа давлатлардан жами 12 та жамоа таркибида 500 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Жараёнларни яна 8 та давлат ҳарбийлари кузатиб борди.
2023 йилдан буён ўтказиб келинаётган мусобақанинг бу йилги босқичида иштирокчилар тоғли, ўрмонли ва шаҳар ҳудудларида жанговар вазифаларни бажарди. Кейинги босқичда эса бир вақтнинг ўзида учала ҳудуд шароитида ҳаракат қилиш бўйича куч синашди.
Ўзбекистонлик ҳарбийлар тоғли ҳудудда мудофаада турган шартли рақиб кучларини талотрофларсиз тўлиқ яксон қилиб, 7 та байроқни қўлга киритди. Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, мусобақа тарихида ҳеч бир жамоа бундай натижа қайд этмаган.
Шаҳар шароитидаги вазифаларда ҳам Ўзбекистон жамоаси мудофаадаги шартли рақибга ҳужум қилиб, барча объектлар ва 7 та байроқни эгаллади. Шунингдек, мудофаа объектларини ушлаб туриш босқичида бирорта ҳам ҳарбий хизматчисини йўқотмаган ҳолда 7 та объект ва барча байроқларни қўлга киритиб, яна бир рекордни янгилади.
Мусобақа якунига кўра, Ўзбекистон 316 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Камбоджа 212 балл билан иккинчи, мезбон Корея Республикаси жамоаси эса 192 балл билан учинчи бўлди.
Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Тошкент халқаро аэропортида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тантанали кутиб олинди.
Изоҳ