Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини бошлашдан олдин Шавкат Мирзиёев марҳум давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камаловнинг хонадонига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф давомида Қуръон суралари тиловат қилиниб, марҳум ҳақига дуо қилинди. Президент Қаллибек Камаловнинг муносиб ҳаёт йўли, эзгу ишлари ва Қорақалпоғистонни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини ёдга олди.
Давлат раҳбари ўтганларнинг хотирасини ёд этиш ва катталарни ҳурмат қилиш ёш авлод учун ибрат эканини таъкидлади.
Қаллибек Камалов жорий йил февраль ойида 100 ёшида вафот этган. У кўп йиллар давомида Қорақалпоғистонда турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, саноат ва қишлоқ хўжалигини тараққий эттириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга катта ҳисса қўшган.
Сўнгги йилларда у Фахрийлар жамоат кенгаши раиси сифатида катта авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва ёшларни тарбиялаш ишларида фаол иштирок этган.
Қаллибек Камаловнинг хизматлари «Шуҳрат» медали ва «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.
Изоҳ